АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига қарашли Гуантанамодаги (Куба) базада қамоқхонанинг сақланиб қолиши мамлакат нуфузидаги доғ бўлиб турибди. Бу ҳақда президент Барак Обама АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Макдил базасидаги чиқиши чоғида маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Гуантанамодаги ҳибсда сақлаб туриш объектини ёпиш фурсати аллақачон келган. Шу пайтгача бунинг амалга оширилмагани учун айб тўлиқ Конгресс зиммасида. Улар, гарчи ўзимизда хавфли террорчилар тутиб турилгани бу билан боғлиқ ҳеч қандай муаммолар туғилмаётганига қарамай, лагерь маҳбусларини АҚШга кўчиришга қаршилик қилиб келмоқда», — дея таъкидлади Обама.
АҚШ президентига кўра, мамлакат Кубада 60 нафардан камроқ кишини ҳибсда сақлаб туриш учун юз миллионлаб долларни кўкка совурмоқда.
«Агар Конгресс бу борадаги қарашларини ўзгартирмаса, тарих бунга муносиб баҳо беради. Ўз навбатида, шаънимизга тушган мазкур доғни йўқотиш учун қўлимдан келган барча ҳаракатни амалга оширишга тайёрман», — деди давлат раҳбари.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)