АҚШда мавжуд адлия тизими қўш стандартларга асосланган ва кўпинча элита вакилларига шафқатсиз жазолардан қочиб қолиш имконини беради, оддий одамлар эса қонун бўйича қатъий таъқиб қилинади. Бундай фикрни Америка махсус хизматлари собиқ ходими Эдвард Сноуден Yahoo News онлайн-порталига берган интервьюсида айтиб ўтди, деб ёзади «ТАСС».
«АҚШда икки қаватли адлия тизими амал қилади, бунда ҳукумат билан чамбарчас боғлиқ бўлган ёки ғоятда кўп ресурслардан фойдалана оладиган одамлар жуда енгил жазолар билан қутулиб қолади», — деди Сноуден.
Мисол тариқасида у янги сайланган президент Дональд Трампнинг маъмуриятида давлат котиби лавозимига номзодлардан бири бўлган Марказий разведка бошқармаси собиқ директори Дэвид Петрэусни келтириб ўтди. 2012 йилда Петрэус журналист Пола Бродуэллга махфий маълумотни бериб юборгани ошкор бўлгач, МРБ директорлигидан истеъфога чиқишга мажбур бўлган эди.
Сноуденнинг эслатишича, ҳукумат МРБ собиқ директорини фақат майда қонунбузарликда айблаган, холос. Петрэус ўз айбини тан олганидан сўнг, у шартли равишда икки йилга озодликдан маҳрум этилган ва 100 минг доллар жаримага тортилган эди.
«У ўзи фош қилган махфий ахборот турига қарамай (АҚШнинг махфий ҳарбий дастурлари ва Петрэуснинг мамлакат президенти билан суҳбатлари мазмуни), у бир кун ҳам қамоқда ўтирмади», — деди Сноуден. Унинг ўзи эса узоқ муддатли қамоққа маҳкум этилиши мумкин.
Изоҳ (0)