Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россия Аралаш жанглар санъати (MMA) иттифоқи президенти Фёдор Емельяненкони унинг шахсий ҳаётига аралашганликда айблади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Емельяненко ҳаваскор MMAни бошқаради. Унинг профессионал, шу жумладан, бизникига ўхшаган жанг клубларига алоқаси йўқ. Нима учун у баҳо беради? У изоҳлар билан бирга ўғлимнинг суратини юклади. Ижтимоий тармоқларга эса ҳар хил инсонлар киради. Бунинг оқибатида ўғлимга нисбатан ҳақоратли сўзлар ёғилди», – деди Қодиров.
Чеченистон раҳбари Емельяненконинг бундай хатти-ҳаракати ахлоқсиз деб атади.
Қайд этиш жоиз, Фёдор Емельяненко 4 октябрь куни Грозний шаҳрида ўтказилган Grand Prix Akhmat 2016 аралаш жанглар турнирида ёш болалар иштирокини танқид қилганди. Кейинроқ «Ахмат» клуби президенти Абузайд Висмурадов Россия MMA раҳбарининг ушбу масала юзасидан танқид қилишга ҳаққи йўқ эканини айтганди. Шунингдек, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Емельяненконинг танқидига ўз муносабатини билдирган эди.
Ушбу воқеадан кейин 40 ёшли Емельяненконинг 16 ёшли қизига ҳужум қилинганди. Собиқ жангчининг қизига қилинган ҳужум Фёдорнинг фаолиятига боғлиқ-боғлиқмаслигига ҳозиргача аниқлик киритилмаган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)