Ўзбекистонга АҚШ пахтаси импорт қилиниши мумкин. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 23–29 июль кунлари Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги делегацияси АҚШга ташриф буюрди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — Made in Uzbekistan бренди остида маҳаллий маҳсулотларни тарғиб қилиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдан иборат бўлди. Ушбу ташриф доирасида 25 та маҳаллий тўқимачилик корхонаси Texworld NYC, Apparel Sourcing USA вa Home Textiles Sourcing Expo халқаро кўргазмаларида қатнашди (Нью Йорк шаҳри).
Ташриф давомида вазирлик вакиллари АҚШ Савдо вазирлиги (У.С. Department of Commerce) билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо тўсиқларини камайтириш ва инвестицияларни фаоллаштириш бўйича механизмни ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбек маҳсулотларини, жумладан, тўқимачилик, қурилиш материаллари, электр техникаси ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Amazon, Walmart, Whole Foods Market, Bloomingdaleʼs вa The Home Depot каби йирик савдо тармоқларида жойлаштириш имкониятлари ҳам алоҳида муҳокама қилинди.
АҚШ Савдо вазирлиги ҳузуридаги CLDP (Савдо ҳуқуқини ривожлантириш дастури) вакиллари билан бўлган музокаралар чоғида ўзбекистонлик компаниялар учун АҚШ стандартларига мос сертификатлаш ва қадоқлаш бўйича вебинар ва семинарлар ташкил этишга келишиб олинди.
АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) ва АҚШ Пахта ассоциацияси билан учрашувда GSM-102 дастури доирасида Ўзбекистонга АҚШ пахтасини етказиб бериш, кредит лимитини ошириш ва Made from U.S. Cotton ташаббусини ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди.
2024 йил февралида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раҳбарияти ва АҚШнинг Cotton Council International компанияси вакиллари Тошкентда икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганди. Ўшанда Америка пахтаси афзалликлари санаб ўтилган ва томонлар пахта толасини импорт қилишни ташкиллаштириш ҳамда уни молиялаштириш масалаларини кўриб чиққанди.
Американинг Cotton Council International ташкилоти пахта толаси ва ушбу пахта толасидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни дунё бозорига тарғиб қилиш билан шуғулланади. Компания 20 дан ортиқ давлатда ўз ваколатхонасига эга ва 50 та мамлакатга доимий равишда пахта толасини экспорт қилади.
Изоҳ (0)