Футбол бўйича Европа Чемпионлар Лигасининг сўнгги — «H» гуруҳида нимчорак финалга йўлланма олган биринчи клуб номи маълум бўлди — «Ювентус».
Бу йўлда Массимилиано Аллегри шогирдлари сафарда «Севилья»ни мағлуб этди. Англиялик рефери Марк Клаттенбург бошқариб борган учрашувнинг 36-дақиқасида мезбонлар қийин аҳволда қолди. Бир киши кам ўйнаётган жамоа дарвозасига биринчи бўлим сўнггида пенальти қўйилиши эса «Севилья»нинг қийинчилигини яна-да оширди.
«Ювентус» гуруҳ босқичидан чиқиш миссиясини ҳал қилган бўлса-да, пешқадамлик масаласига тўла ойдинлик киритмаган. Сўнгги турдаги мағлубият 1-ўриннинг бой берилишига олиб келиши мумкин. Қайд этиш керак, ортда қолган беш тур давомида Турин жамоасини ҳеч ким мағлуб эта олмади.
Франциянинг «Лион» клуби гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаш учун назарий имкониятга эга. Бу йўлда францияликлар «Севилья»ни камида 2 та гол фарқи билан мағлуб этиши керак. Томонларнинг Испанияда бўлиб ўтган ўйинида «Севилья» 1:0 ҳисида зафар қучганди. Айни вақтда испанияликларда тўплар нисбати яхшироқ. Шу боисдан ҳам кичик ҳисобдаги ғалаба «Лион»га камлик қилади.
Европа Чемпионлар Лигаси «H» гуруҳи. 5-тур 22 ноябрь, сешанба
Изоҳ (0)