Россия президенти Владимир Путин 2 миллион доллар пора билан ҳибсга олинган мамлакат иқтисодий ривожланиш вазири Алексей Улюкаевни оператив кузатиш жараёни ҳақида барча маълумотларга эга бўлган. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Президентга Улюкаев қўлга олингани ҳақида албатта ахборот берилди. Аслини олганда, унга оператив кузатув бошланганидан бери бу ҳақда маълум эди, ахборот етказиб борилган», — дея таъкидлади Песков.
Олдинроқ Алексей Улюкаев бир йилдан ошиқ Россия Федерал хавфсизлик хизматининг оператив кузатуви остида бўлгани маълум қилинганди.
Кремль вакили вазирга нисбатан жуда жиддий айблов ҳақида гап кетаётгани ва уларнинг нечоғли асосли эканлиги ҳақида фақат суд ҳукм чиқаришини айтиб ўтди.
Россия ҳукумати матбуот хизматига кўра, бош вазир Дмитрий Медведев Улюкаев қўлга олинганидан хабардор ва буни президент билан муҳокама этган. Медведев мазкур иш ўта синчковлик билан тергов қилиниши зарурлигини билдирди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)