Ироқ армиясининг аксилтеррор бўлинмалари Мосул шаҳрининг шарқидаги олти туманни ИШИД жангариларидан тозалади. Бу ҳақда операция қўмондони генерал Абдуламин Яралла баёнот берди, деб хабар қилади «ТАСС».
Унинг сўзларига қараганда, ал-Малайин, ас-Самаҳ, ал-Ҳадра, ал-Қудс, Киркукли, ал-Карама туманлари устидан назорат ўрнатилди.
«Экстремистларнинг мудофаа чизиғи биз Рамадини озод қилишда тўқнашганимиздагидан анча заиф бўлиб чиқди. Операция давомида махсус мўлжал бригадаларининг ўзи жангарилардан Мосул шарқидаги 38 аҳоли яшаш пунктини озод қилди», — деди генерал.
Бундан ташқари, Мосулга шарқдан юришга раҳбарлик қилаётган полиция генерали Раид Шокир операция бошланганидан буён минг нафар жангари йўқ қилинганини, 70 дан ортиқ аҳоли яшаш пункти озод этилганини айтди.
Шунингдек, 4,5 минг оила эвакуация қилинди, экстремистлар ўрнатган 130 мина зарарсизлантирилди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)