Жанубий Корея бирлашув вазирлиги КХДРга мурожаат қилиб, мамлакат ички сиёсатига аралашувдан тийилишга чақирди, деб ёзади «Интерфакс» Жанубий Корея ОАВларига таяниб.
«Шимолий Корея Жанубий Кореянинг ички ишларига аралашишни зудлик билан тўхтатиши керак. Пхеньян ўз аҳолиси ҳаётини яхшилашга диққатини қаратгани маъқул», — дейилади вазирлик вакилига таяниб берилган хабарда.
Аввалроқ Жанубий Корея президенти Пак Кин Хенинг дугонаси Чхве Сун Силь ўз мавқеидан фойдаланган ҳолда йирик компанияларни унга алоқадор икки жамғармага кўп миллионли эҳсонлар қилишга мажбурлаганликда айблангани хабар берилган эди. Айримлар, ўз навбатида, Пак Кин Хени дугонасининг бу ишларига йўл қўйиб берганликда гумон қилмоқда.
Мазкур можаро доирасида Жанубий Корея президенти 25 октябрь куни узр сўради ва сайлов кампанияси чоғида Чхве Сун Силь унга кўп бора ёрдам берганини, кампанияни қандай олиб бориш бўйича маслаҳатлар бергани, матнлар ёзиш ва жамоатчилик билан алоқалар ишига қўшилганини айтиб ўтди.
Чхве Сун Силь ҳам ўз ҳаракатлари учун мамлакат аҳолисидан узр сўради.
Ўз навбатида, Пхеньянда ушбу иш юзасидан Жанубий Корея ҳукумати қаттиқ танқид остига олинди.
Изоҳ (0)