Америкалик эркак «Келажакка қайтиб» фильмидаги кроссовка асосидаги боғичи ўзи боғланадиган 89 жуфт Nike МАG кроссовкаларидан бирини компания ўтказган хайрия лотереясида ютиб олди, деб ёзади TJournal. Ўн минглаб долларга сотиш мумкин бўлган пойабзални у атиги 50 доллар сарфлаб қўлга киритди.
Крис исмли лотерея ғолиби ютиб олинган кроссовкани кийиб юриш у ёқда турсин, шунчаки кийиб кўриш учун ҳам аввал ерга оқ мато тўшайди. Унинг сўзларига кўра, кроссовка худди чанғи ботинкаси каби ҳиссиёт уйғотади.
Крис Twitter’да ўз қувончи билан бўлишгач, унга кроссовкани сотиш ҳақида таклифлар оқиб кела бошлади, аммо у ҳозирча ўз ютуғини сотиш ёки сотмаслик ҳақида бир қарорга келгани йўқ. У харидор топгунича, кроссовкани банкдаги сақлаш ячейкасига қўймоқчи.
Таъкидлаш жоиз, лотереядан тушган маблағларнинг барчаси Паркинсон касаллигига қарши кураш жамғармасига йўналтирилади. Жамғармага «Келажакка қайтиб» фильмларида бош ролни ўйнаган актёр Майкл Жей Фокс асос солган, унинг ўзи ҳам ушбу касалликдан азоб чекади.
Изоҳ (0)