Ҳиндистон ҳукумати Покистон дипломатик миссияси ходимини Исломобод фойдасига жосусликда айблаб, 29 октябрга қадар мамлакатни тарк этиш талабини қўйди. Бу ҳақда 27 октябрь, пайшанба куни AP агентлиги маълум қилди, деб ёзади «Интерфакс».
Покистон ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, Ҳиндистон айбловларини ёлғон ва асоссиз деб атади.
Ҳиндистон томонининг тахминига кўра, Покистон дипломатик миссияси виза бўлимининг ходими ҳинд қўшинларининг Ҳиндистон ва Покистон чегарасида жойлашуви ҳақидаги маълумотларни тўплаш билан шуғулланган. Ҳиндистон хавфсизлик хизмати ходимлари уни олти ой давомида кузатган, шундан сўнг қўлга олган. Унинг ёнидан махфий ҳужжатлар топилган.
Кейинроқ у дипломатик мақоми туфайли озод этилган.
Ушбу иш юзасидан олиб борилган суриштирув давомида Ҳиндистоннинг Рожастҳон штатида икки киши ҳибсга олинган. Улар дипломатга маълумот етказишда айбланмоқда.
Изоҳ (0)