Ўзбекистон байроғи остида Пекин–2008 ва Лондон–2012 Олимпиадаларида чиқиш қилган эркин курашчи Сослан Тигиев допинг намуналарнинг қайта текширувидан сўнг унинг қон таркибида тақиқланган туринабол моддаси аниқлангани учун Пекин–2008 даги кумуш медалидан маҳрум этилди. Бу ҳақда ХОҚ матбуот хизматига таяниб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Сослан Тигиев билан бир қаторда Пекин–2008 Олимпиадасининг тўққиз спортчиси, шулардан совриндор бўлган 6 нафари дисквалификация қилинди. Улар орасида Сослан Тигиевнинг акаси, Қозоғистон номидан чиқиш қилган Таймураз Тигиев (кумуш) ҳам бор.
Қайд этиш керакки, 2012 йилда Сослан Тигиевнинг қон таркибида тақиқланган метилгексанеамин препарати аниқланганидан сўнг, у Лондон–2012 Олимпиадасининг бронза медалидан маҳрум қилинган эди.
Маълумот учун, Пекин–2008 ва Лондон–2012 Олимпиадаларининг допинг намуналари қайта текширувидан сўнг Ўзбекистон номидан иштирок этган Артур Таймазовнинг допинг намунаси ижобий чиққан ва у Пекин–2008 олтин медалидан маҳрум этилганди.
Изоҳ (0)