Дин ишлари бўйича қўмита умрага юборувчилар бўйича “Сирли мижоз” яширин назорат тадбирлари ўтказилишини маълум қилди. Қўмита қарори билан умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятида назорат харидини амалга ошириш тартиби тасдиқланди.

Унда қайд этилишича, “Сирли мижоз” тадбиридан умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, лицензияга эга бўлмаган шахслар томонидан ноқонуний хизматлар кўрсатилишини барвақт аниқлаш ва олдини олиш мақсад қилинган.
“Сирли мижоз” тадбири қонунийлик, холислик ва адолатлилик принципларига асосланган ҳолда қўмита масъул ходимлари томонидан амалга оширилади. Ушбу тадбир текшириш ёки тадбиркорлик фаолиятига аралашиш ҳисобланмайди, бундай тадбирлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинмайди.
“Сирли мижоз” тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш
Ушбу тадбир умра хизматларини ноқонуний амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахслар фаолиятини барвақт аниқлаш мақсадида қўмита ташаббуси билан ташкил этилади ва ўтказилади.
Тадбир қуйидаги манбалардан олинган маълумотлар асосида ташкил этилади:
- жисмоний ва юридик шахслар томонидан умра хизматини кўрсатиш фаолияти
- юзасидан қўмитага келиб тушган мурожаатлар;
- давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумот,
- таҳлил ва хулосалар;
- оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги вебсайтлар, ижтимоий тармоқлар ва бошқа очиқ манбаларда тарқалган маълумотлар;
- “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизимида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўрта ва юқори даражада баҳоланган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар.
Қўмита масъул ходими умра хизматларини ноқонуний амалга оширишда гумон қилинаётган жисмоний ёки юридик шахснинг олдига мижоз сифатида боради ва ундан ўзига умра хизмати кўрсатилишини сўрайди ҳамда қуйидаги маълумотларни йиғади:
- умра хизматини кўрсатиш учун тегишли лицензия мавжудлиги (расмий ҳужжат ёки оғзаки маълумот асосида);
- умра хизматини кўрсатиш шартлари (муддати, нархи ва бошқалар);
- умра хизмати учун тўлов усули ва ҳисоб рақами.
“Сирли мижоз” тадбири давомида яширин диктофон ёки видео кузатув мосламаларидан фойдаланилиши мумкин.
Тадбири натижалари бўйича далолатнома тузилади ва қўмитанинг ваколатли таркибий бўлинмасига тақдим этилади. У беш иш куни ичида кўриб чиқилади. Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланса, қонунчиликда белгиланган тартибда текширувлар ўтказиш ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга материалларни юбориш бўйича таклифлар тайёрланади.
Изоҳ (0)