Украинанинг Измаил шаҳрида полиция ходими тез тиббий ёрдам гуруҳи етиб келгунига қадар ўғил ва қиз туққан қўшни аёлга доялик қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Маҳаллий полиция ахборотига кўра, полициячига унинг қўшниси мурожаат қилиб, ҳомиладорлигининг саккизинчи ойида қон кетиши бошланган аёли билан бирга ўтириб туришни сўраган.
Ҳомиладор аёлнинг эри дарҳол тез ёрдам гуруҳини чақирган ва уларни кутиб олиш учун чиқиб кетган. Шифокорлар етиб келгунича, аёлда тўлғоқ бошланган.
«Тўлғоқ бошланиб қолди. Вақтни йўқотмай, аввал бир болани, кейин иккинчи болани туғдириб олдим. Ҳаммаси шифокорлар келгунича содир бўлди. Улар аёл ва болаларни перинатал марказга олиб кетишди», — деди полиция капитани Сергей Арешкин.
Баъзи нашрларнинг ёзишича, Измаилдаги перинатал марказда она фарзандларидан воз кечиши ҳақида ариза ёзган. Бироқ марказ бу ахборотга расман изоҳ беришдан бош тортган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)