Ироқ ҳукумат кучлари террорчилар томонидан эгаллаб турилган Мосул шаҳрига 8 километр масофагача яқинлашди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Ал Майадин» телеканали ахборотига кўра, Ироқ армияси шимолий йўналиш бўйича ишонч билан олға илдамламоқда. Айни вақтда, шиаларнинг «Ал-Ҳашд аш-Шаъбий» кўнгиллилар бўлинмаси ва курдларнинг «пешмерга» бўлинмалари ғарбий фронтда фаол ҳаракат қилмоқда.
Икки йил аввал ИШИД томонидан эгаллаб олиниб, ташкилотнинг Ироқдаги пойтахти деб эълон қилинган Мосулни озод қилиш бўйича операция 17 октябрь куни тонгда бошланган эди. Шаҳарни озод қилиш бўйича операцияга жалб қилинган қуруқликдаги қўшинларнинг умумий сони 60 минг кишини ташкил этмоқда.
Унда, Ироқ ҳукумат кучларидан ташқари, курдларнинг ҳарбийлаштирилган «пешмерга» бўлинмалари, шиаларнинг «Ал-Ҳашд аш-Шаъбий» кўнгиллилар бўлинмаси, шунингдек, маҳаллий сунний аҳолидан ташкил топган кўнгиллилар гуруҳи ҳам қатнашмоқда.
Қуруқликдаги қўшинларга АҚШ бошлиқ халқаро аксилтеррор коалицияси ва ҳукумат авиацияси ҳаводан, шунингдек, Ироқ артиллерия кучлари кўмак бермоқда. Разведка маълумотларига кўра, ҳозир Мосулда 5 мингдан 6 минг нафаргача жангари бўлиши мумкин.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)