Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов нима учун ҳали ҳам лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтилмагани ҳақидаги саволга жавоб қайтарди. Ректорнинг жавоби «Оила даврасида» газетаси томонидан эълон қилинган.
«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишнинг муддати 2010 йилнинг 1 сентябри этиб белгиланган. Ҳозиргача мактабгача таълим, ўрта таълим ва олий таълимда бу алифбога ўтиб бўлинди. Аммо катта ёшдагилар орасида мазкур алифбо ҳам, кирилл алифбоси ҳам қўлланиб келинмоқда. Лекин бунинг жиддий ташвишга сабаб бўладиган жойи йўқ», — деди университет ректори.
«Илгари, яқин ўтмишимизда кирилл алифбосига ўтиш ўша давр сиёсатига кўра, бирданига амалга оширилган, ҳамманинг бирданига кирилл алифбосига ўтиши мажбурият қилиб қўйилган. Бунда катта ёшдагилар муайян қийинчиликларга рўбарў бўлган. Бугун бундай йўл тутиш унчалик ҳам мақсадга мувофиқ эмас, албатта», — деб ҳисоблайди Шуҳрат Сирожиддинов.
«Алоҳида таъкидлаш лозимки, бир алифбодаги ҳарфларнинг қандай товушни ифодалашини билишнинг ўзи ҳали бу ёзувни тўлиқ эгаллаб бўлганини билдирмайди. Одамда янги алифбода ёзилган сўзни ҳарфлаб эмас, балки бутунича, яхлитлигича ўқий олиш кўникмаси шакллангандагина бу алифбо ўрганиб бўлинган ҳисобланади», — дея қўшимча қилди ректор.
Маълумот учун, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги қонун 1993 йил 2 сентябрь куни қабул қилинган. Ўзбекистон парламентининг махсус қарори бўйича, лотин алифбосига босқичма-босқич ўтиш 2010 йилнинг 1 сентябрига қадар тўлиқ якунланиши белгиланган эди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)