Швеция расман 6 соатлик иш кунига ўтмоқда. Бу нарса ойлик иш ҳақининг ҳажмига асло таъсир қилмайди, айни вақтда ходимлар иш вақтини мақбуллаштириш учун аъло даражадаги ечим бўла олади, деб ёзади AdMe.
Мобил дастурлар ишлаб чиқишга ихтисослашган Filimundus компаниясида ушбу янгилик ўтган йили татбиқ этилган эди. Компания раҳбариятининг қайд этишича, 8 соатлик иш куни самарали эмас, чунки бунча вақт давомида диққат ва ишчанликни бир маромда сақлаб туриш — кўпчилик учун оғир вазифа. Шу сабабли ҳам ходимлар танаффус олишга мажбур бўлади ва уларнинг вақтидан бесамар фойдаланилади.
Маълум бўлишича, ишчи-ходимлар 6 соат ичида 8 соатлик иш кунида бажариши мумкин бўлганидан кам иш қилмайди, айни вақтда, уларнинг иш самарадорлиги ортади. Ходимларда ўз шахсий ҳаёти учун кўпроқ вақт ва қувват қолади, умуман олганда улар ўзини янада бахтиёрроқ ва омадлироқ ҳис қилади.
Швециядаги хусусий клиникаларнинг тиббиёт ходимлари ҳам янги иш куни форматига ўтиш бўйича биринчи қадамни ташлаган. The Independent нашрининг ёзишича, 6 соатлик иш куни Швецияда босқичма-босқич жорий этилади.
«Биз ҳам Швецияга кўчиб ўтмай, шундай ташаббуснинг ижобий жиҳатларини ўзимизда ҳис қила олсак, аъло даражадаги иш бўларди», — деб қўшимча қилади Россиянинг AdMe нашри.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)