14 октябрь, жума куни АҚШ президенти Барак Обама халқаро масалалар бўйича юқори мансабли маслаҳатчилар билан учрашув ўтказади, унда АҚШнинг Суриядаги кейинги ҳаракатлари бўйича жанговар ва бошқа вариантлар кўриб чиқилади. Бу ҳақда Америка ҳукуматидаги аноним вакилларига таяниб, Reuters хабар берди, деб ёзади «РБК».
Америкалик амалдорларнинг бир қисми АҚШ Сурияда қатъийроқ чораларни қўллаши керак, деб ҳисоблайди, чунки акс ҳолда, у айни пайтда ИШИДга қарши кураш олиб бораётган мўътадил исёнчилар ҳамда араб, курд ва турк иттифоқдошларига нисбатан эга бўлган таъсирини йўқотиши мумкин.
Мажлисда кўриб чиқилиши мумкин бўлган вариантлардан бири АҚШнинг бевосита жанговар ҳаракатларини, хусусан, Суриядаги ҳарбий базаларга, ўқ-дори омборларига ва ракетага қарши мудофаа воситаларига авиазарбаларни кўзда тутади.
Reuters манбалари фикрича, Обама Сурия ҳукумати нишонларига ҳаводан зарба беришни маъқуллаши амри маҳол. Уларнинг таъкидлашича, ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилингани йўқ ва исёнчиларни замонавийроқ қурол-яроғ билан таъминлашни назарда тутувчи муқобил вариант мавжуд. Шу билан бирга, амалдорлар бунда гап ҳаво ҳужумига қарши ракеталар ҳақида бормаётгани, чунки Вашингтон ушбу қурол душман қўлига тушиб қолишидан хавфсирашини қайд этди.
Изоҳ (0)