Испания терма жамоаси ва «Барселона» клуби ҳимоячиси Жерар Пике қўшиқчи Шакира билан қандай танишгани ҳақида ҳикоя қилди, деб ёзди «Чемпионат».
«ЖЧ—2010 учун Мадридда суратга олинаётган Waka Waka клипи жараёнида Шакирани илк бор учратдим. Кейинроқ ундан телефон рақамини сўрадим, — деб гап бошлади Пике. — У ЖАРга Испания терма жамоасидан олдинроқ жўнаб кетди. Чунки унинг очилиш маросимида ишлаши керак эди».
«Бир неча кундан кейин ЖАРга биз ҳам етиб келишимизни ҳисобга олиб, ундан маҳаллий об-ҳаво ҳақида сўраб, смс ёздим. Оддий савол бу. Одатда унга қисқа жавоб берилади. Лекин Шакира менга узундан-узоқ жавоб ёзди. Температура кун давомида қандай ўзгариши ҳам эътибордан четда қолиб кетмади. Бу эса менга шунчаки эмасдек туюлди».
«Биз мундиал давомида гаплашиб турдик. Бироқ турнир давомида у билан кўриша олмадим. Мусобақа якунида кўришиш яна насиб қилди. Аввалроқ унга кўришиш учун финалга қадар етиб бориш лозим бўлса, мен бу ишни қилишим ҳақида айтгандим», — деб сўзлади Пике ТВ3 канали учун.
Испания терма жамоаси Жаҳон Чемпионати финалида Голландияни мағлуб этиб, бош совринга эга чиқди. Пикега эса Шакира насиб қилди. Айни вақтда бу жуфтликнинг икки ўғил фарзанди бор.
Изоҳ (0)