Туркманистонда 26 сентябрь куни старт олган «Ўзбек киноси кунлари»да иштирок этиш учун Ўзбекистон делегацияси таркибида мамлакат пойтахти Ашхободга йўл олган актриса Шаҳзода Матчонова ўз таасуротлари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати.
«Ашхободда ўтказилаётган ‘Ўзбек киноси кунлари’да иштирок этаётганимдан жуда ҳам мамнунман. Биринчидан, мен анчадан бери бу гўзал шаҳарни кўришни ният қилиб юрган эдим. Иккинчидан, қардош туркман халқини Ўзбекистон билан ўзаро дўстлик ришталари боғлаб туради. Мазкур дўстона алоқалар ва муносабатларни янада мустаҳкамлаш учун шу каби маданият, санъат ва кино йўналишидаги тадбирларни анъанавий тарзда ўтказиб туриш зарур деб ўйлайман», — деди актриса.
«Мен ана шундай тадбирлардан бирида ўзбек актрисаси сифатида қатнашиб, юртимизда ишлаб чиқарилган миллий фильмлар туркман аҳлига манзур келаётганидан жуда ҳам хурсандман. Кинозалдаги томошабинлар, айниқса, ёшлар бизнинг фильмларни қарсаклар билан кутиб олишаётганини кўриш ёқимли. Шундан келиб чиқиб, бугун фестивалнинг ёпилиш маросими ҳам юқори даражада ўтади деб умид қиламан», — деди Шаҳзода Матчонова.
Маълумот учун, Ашхободда ташкил этилган «Ўзбек киноси кунлари» тадбири 28 сентябрь куни ўз ниҳоясига етади.
Изоҳ (0)