Туркия Россия билан ҳамкорликни Су-24 самолёти билан боғлиқ воқеага қадар бўлганидан ҳам юқорироқ даражагача ривожлантирмоқчи. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли маълум қилди, деб ёзади «Ведомости».
«Биз ҳамкорлигимизни ўша ҳодисагача бўлганидан ҳам яхшироқ қилиб янада чуқурлаштириш борасида хайрихоҳликка ва сиёсий истакка эгамиз. Бу ҳар иккала етакчининг ҳам истаги. Президент Путин ва президент Эрдўғон буни музокаралар чоғида ҳам, телефон орқали бўлган суҳбатда ҳам тасдиқлади», — деди Чавушўғли.
2015 йилнинг 24 ноябрь куни Туркиянинг F-16 қирувчиси Россиянинг Су-24 самолётини уриб туширди. Расмий Анқара Россия ҳарбий самолёти Туркия ҳаво чегарасини бузганлигини эътироф этди, Кремль эса буни рад этиб, ҳаво кемаси Сурия ҳудудидан ўтмаганини уқтирди.
Самолёт учувчиси Олег Пешков катапульта ёрдамида кемани тарк этди, аммо ҳаводалигида қуролли шахслар томонидан отиб ташланди. Унга ўлимидан сўнг Россия Қаҳрамони унвони берилди.
Бу воқеа Туркия ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг кескин ёмонлашувига сабаб бўлди. Аммо кейинроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон россиялик ҳамкасби Владимир Путиндан уриб туширилган Су-24 самолёти учувчисининг ўлими учун узр сўради.
Изоҳ (0)