9 август куни минглаб инсонлар Ғазодаги урушни тўхтатиш талаби билан Тель-Авив кўчаларида намойиш ўтказди. Оммавий акцияга Исроил Хавфсизлик кенгашининг анклавни тўлиқ босиб олиш ва ҳарбий ҳаракатларни кенгайтириш қарори туртки берди.

Намойишчилар ҲАМАС ихтиёрида қолаётган исроилликларнинг суратларини кўтариб, ҳукуматдан уларни озод қилиш чораларини кўришни талаб қилди. AFP мухбирининг ҳисоб-китобига кўра, оммавий акцияга ўн минглаб инсонлар йиғилган. Исроиллик асирларнинг оила аъзоларини бирлаштирган гуруҳ эса ўз позициясини билдириш учун келганлар сони юз мингга етишини айтган.
“Бош вазир Биньямин Нетаньяхуга очиқ мурожаат: агар сиз Ғазонинг айрим ҳудудларига бостириб кириб, натижада гаровдагилар ўлдирилса, биз сизни майдонларда, сайлов кампанияларида ва ҳар вақт ҳамда жойда таъқиб қиламиз”, деди асирда вақти ҳалок бўлган исроилликнинг яқини Шаҳар Мор Заҳиро.
8 август куни Исроил Хавфсизлик кенгаши Ғазо секторини эгаллаш бўйича йирик ҳарбий амалиёт режасини маъқуллади. Бу қарор Исроил ичида ҳам, халқаро миқёсда ҳам кескин танқидларга сабаб бўлди. Улар масалага музокаралар йўли билан ечим топишга чақирмоқда.
Нетаньяху эса қарорини ҳимоя қилиб, Исроил гўёки “анклавни босиб олмаётгани, балки ҲАМАСдан озод қилаётгани”ни таъкидлади.

ҲАМАС 2023 йилнинг 7 октябрь кунги ҳужумда асирга олган 251 нафар исроилликдан 49 нафари ҳануз Ғазода. Исроил армияси уларнинг 27 нафарини ҳалок бўлган деб ҳисоблайди.
Фаластин маъмурияти Исроилнинг Ғазо бўйича қарорини танқид қилди. Маъмурият президенти Маҳмуд Аббос буни “янги жиноят” деб атади ва яҳудий давлатини тўхтатиш учун халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўради.
Изоҳ (0)