Миср қирғоқларида ноқонуний муҳожирлар ўтирган кема ҳалокатга учраши натижасида қурбон бўлганлар сони 51 кишига етди, дея хабар бермоқда «ТАСС» мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб.
Ноқонуний муҳожирлар билан лиқ тўла қайиқ 21 сентябрь куни Мисрнинг Бухейра провинцияси Рашид шаҳри яқинида Ўртаер денгизида чўкиб кетган эди. Дастлаб бортда Судан, Сурия, Сомали, Эритрея ва Миср фуқароларидан иборат 300 га яқин киши бўлгани хабар қилинди.
Миср ҳарбий-денгиз кучлари маҳаллий балиқчилар ёрдамида ҳозиргача 160 дан ортиқ кишини сувдан тирик ҳолда чиқариб олишга муваффақ бўлди, 100 га яқин киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Аммо баъзи маълумотларга кўра, кемада қарийб 600 йўловчи бўлган, бедарак йўқолганлар сони эса 200 дан ошиши мумкин.
Аввалроқ Миср бош прокуратураси чўкиб кетган кема экипажининг тўрт аъзосини ҳибсга олишни буюргани, яна тўққиз гумонланувчи қидирувга берилгани хабар қилинган эди. Тирик қолганлар сўзлаб беришича, одамларни ноқонуний равишда Европага юбориш билан шуғулланувчи кимсалар турли провинциялардаги муҳожирларнинг ҳар биридан 2 минг долларга яқин маблағ олиб, уларни соҳил бўйига тўплаган. Сўнг ноқонуний муҳожирларни Италия қирғоқларига жўнаши керак бўлган қайиққа ортишган, аммо ҳаддан ташқари ортиқча юк туфайли, у денгизга ғарқ бўлган.
Изоҳ (0)