БМТ Хавфсизлик кенгаши Россия сўрови билан АҚШ бошчилигидаги коалиция томонидан Сурия қўшинларига зарбалар берилиши муносабати билан фавқулодда учрашув ўтказди, деб ёзади «ТАСС».
Унда АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Саманта Пауэр Россия делегацияси нутқини тинглашдан бош тортиб, ўзини жуда ёмон тутди. Бунинг ўрнига у журналистлар олдида Россияни танқид қилишга киришди. Бу ҳақда Россия доимий вакили Виталий Чуркин маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, америкалик дипломат мажлислар залига қайтиб кирганида, у ҳам залдан чиқиб кетган.
«Бугун мен кўрган нарса мени жуда огоҳ қилиб қўйди, чунки америкалик ҳамкасбим Саманта Пауэрнинг ҳаракатларини камида ғалати дейиш мумкин. Муҳокама мажлиси тўпланганида мен ўзимни ташвишлантирган муаммолар билан бўлишишни бошладим. Маълум бўлишича, у ОАВлар олдига чиқиб, мени тингламасдан, Россияни танқид қилишни ва ҳақоратлашни бошлаган, ҳатто бизни ушбу мажлисни чақирганимиз учун ҳам танқид қилган», — деди Чуркин.
Унинг сўзларига кўра, Пауэр унинг гапларини тинглашга қизиқмаган, чунки бу трюк эканлигини айтган. «Яъни бу мутлақо ва мисли кўрилмаган даражада кишининг ғашини келтирадиган позиция. Аммо бундай шароит бўладиган бўлса, менга ҳам унинг бизга қаратилган айбловларини тинглаш қизиқ эмас. Мен ҳам ўз навбатида кетиб қолдим», — деди Чуркин. Унинг қўшимча қилишича, АҚШ доимий вакили йўқ пайтда унинг ўринбосари Хавфсизлик кенгаши аъзоларига Америка томони Дейр-аз-Зор шаҳридаги ҳодисани кўриб чиқишини айтган.
Изоҳ (0)