Сурия Қуролли кучлари қўмондонлиги вакили АҚШ бошчилигидаги коалиция самолётлари Суриянинг Дейр-аз-Зор шаҳри яқинида Сурия армияси позицияларига зарба берганини маълум қилди. Reuters хабарига кўра, бундай баёнот Сурия давлат телевидениеси эфирида янграган, деб ёзади «РБК».
Россия мудофаа вазирлиги АҚШ бошчилигидаги коалиция Сурия армияси позицияларига авиазарбалар бергани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Россия мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков халқаро коалиция самолётлари тўртта авиазарба бергани, натижада 62 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлиб, юзга яқин киши яраланганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, зарбаларни иккита F-16 самолёти ва иккита А10 самолёти 17 сентябрь, шанба куни Тошкент вақти билан 19:00 ва 19:50 оралиғида Дейр-аз-Зор шаҳридаги аэродром яқинида ИШИД қуршовида бўлган Сурия ҳукумат кучлари бўлинмаларига берган. Конашенков коалиция самолётлари Сурия ҳаво ҳудудига Ироқ томонидан кирганини таъкидлади.
Суриянинг Дейр-аз-Зордаги қўмондонлигидан олинган маълумотга таяниб, у ИШИД жангарилари зарбадан кейин дарҳол ҳужумга ўтганини таъкидлади. «Агар ушбу ҳаво зарбаси нишоннинг нотўғри координаталари туфайли берилган бўлса, унда бу Америка томонининг Сурия ҳудудида террорчилик гуруҳларига қарши бўлган ўз ҳаракатларини Россия билан мувофиқлаштиришни тинимсиз истамаслиги оқибатидир», — дея таъкидлади Россия ҳарбий муассасаси расмий вакили.
Reuters Лондондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Сурия обсерваториясига таяниб маълум қилишича, авиазарбалар натижасида камида 80 нафар суриялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди.
АҚШ раҳбарлигидаги халқаро коалиция вакиллари бу борада изоҳ берганича йўқ.
Изоҳ (0)