АҚШ президентлигига Демократик партиядан номзод Ҳиллари Клинтон ҳамон АҚШнинг Ироқда ҳарбий кампания бошлаш ҳақидаги қарори хато бўлганини таъкидламоқда, деб ёзади «ТАСС».
«Ироқда уруш бошлаш қарори хато бўлган, деб ўйлайман. Аввал ҳам айтганман, президент Бушга ушбу ваколатларни топшириш учун овоз берганим — менинг хатойим бўлган», — деди Клинтон MSNBC телеканали эфирида АҚШ қуролли кучлари фахрийлари саволларига жавоб берар экан.
Шу билан бирга, у «хатолардан сабоқ олиш»га чақирди. «Бундай нарса бошқа содир бўлмаслиги учун бизни бунга нима олиб келганини тушуниб етишимиз керак», — дея таъкидлади у.
Клинтон АҚШ президентлигига сайланган тақдирда, Америка қуролли кучларининг қуруқликдаги ҳарбий қисмларини ИШИД билан курашиш учун Ироқ ва Сурияга юбормаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ террочилар билан жанг қилаётган маҳаллий кучларни қўллаб-қувватлашда давом этиши керак.
Изоҳ (0)