2016 йилнинг 4 сентябрь куни 22 ёшини қарши олган Ўзбекистоннинг иккинчи ракеткаси Сабина Шарипова шу куннинг ўзида Хитойнинг Гуйян шаҳридаги ITF туркумига кирувчи теннис турнирининг ғолибасига айланди. Бу ҳақда теннисчи Instagram’даги саҳифасида маълум қилган.
Сабина Шарипова финалга қадар хитойлик Ҳао Чен Танг (6:1, 4:6, 6:2), Хитой Тайпейи вакиласи Чи-Ю Ҳсу (6:3, 6:4), хитойлик Синю Гао (7:5, 6:1), мезбонлар вакиласи Чанг Люни (6:3, 6:1) мағлубиятга учратди.
Финал баҳсида WTA рейтингида 187-ўринда бораётган Сабина Шарипова 748-поғонани эгаллаган хитойлик Ханю Гуони 6:7, 7:6, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратиб, бош совринни қўлга киритди.
Қайд этиш жоиз, ушбу мусобақада Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси (дунё рейтингида 172-ўрин) Нигина Шарипова ҳам иштирок этиб, ярим финалда айнан Ханю Гуога 6:3, 4:6, 3:6 ҳисобида мағлуб бўлганди.
Маълумот учун, Сабина Шарипова 1994 йилнинг 4 сентябрь куни таваллуд топган.
Изоҳ (0)