Дунёдаги энг машҳур ва сирли кўча рассоми Бэнкси тахаллуси остида британиялик мусиқачи, қўшиқчи, граффитичи, шунингдек, афсонавий Massive Attack гуруҳи асосчилари ва иштирокчиларидан бири Роберт «3D» Дель Ная яширинган бўлиши мумкин, деб ёзади «РИА Новости» Daily Mail’га таяниб.
Журналист Крейг Уилльямс таъкидлашича, рассом Дел Наянинг ўзи ёки унинг раҳбарлигида ижод қилувчи ва Massive Attack гуруҳига алоқадор бўлган бир неча киши бўлиб чиқиши мумкин. Ўз тадқиқотларига асосланиб, Уилльямс Бэнксига хос граффити гуруҳ концерт берган жойларда пайдо бўлишини сезди.
Уилльямс Бэнкси дунёнинг турли бурчакларида қолдирган граффитиларни ўрганиб чиқиб, сўнгги 12 йил ичида камида олтита ҳолатда Massive Attack концерт берган шаҳарларда ўндан ортиқ граффити пайдо бўлганини аниқлади. Устига-устак, янги тасвирлар гуруҳ концертидан сал аввалроқ ёки кейинроқ пайдо бўлган.
Нашр маълумотларига кўра, Дель Ная граффитини 80-йиллардан буён чизиб келади ва аввалроқ Бэнкси унинг дўсти эканлигини тан олган эди.
Бэнкси жаҳон стрит-артининг энг ёрқин намоёндаларидан бири ҳисобланади, у яратган асарлари ҳақида эълон қилмаслиги, юзини ҳеч кимга танитмаслиги билан машҳур, унинг шахси эса аниқланмаган.
Изоҳ (0)