Флорида штати ҳукумати «Эрмина» тропик пўртанаси яқинлашганлиги туфайли Таллахасси шаҳри яқинида Мексика кўрфазининг баъзи туманларида эвакуация эълон қилди. Бу ҳақда штат губернатори Рик Скоттнинг вакиллари маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Флориданинг соҳилбўйи туманларида яқин вақт ичида кучли ёмғир, тўфон юз бериши кутилмоқда, сув тошқини хавфи мавжуд. Бўронларни кузатиш бўйича миллий марказ ходимларининг маълум қилишича, «Эрмина» пўртанаси штат ҳудудига маҳаллий вақт бўйича кечаси ёпирилади. Бу пайтга келиб у довул кучига эришиши мумкин.
Ҳозирги пайтда атмосфера ҳодисасининг эпицентрида шамолнинг тезлиги соатига 100 километрга етган ва ошишда давом этмоқда. Пўртана Мексика кўрфази акваториясида, Тамп шаҳридан 380 километр жануби-ғарбда бўлиб, бу шаҳарда 347 мингга яқин киши истиқомат қилади.
«Эрмина» пўртанаси соатига тахминан 19 километр тезликда шимоли-шарқий йўналишда ҳаракатланмоқда.
Изоҳ (0)