Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан бошлаб сайёр солиқ текширувларини ўтказишдан мобил видеокамерадан фойдаланиш мажбурий бўлади. Бу ҳақда президентнинг 19 августда имзоланган фармонида белгиланди.

“Ўзбекистон Республикаси президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга кўра, мобил видеокамерадан фойдаланмасдан ўтказилган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.
Тадбиркорлик субъектларининг солиқ аудити натижалари бўйича молиявий санкцияларни 6 ой ичида тенг улушларда тўлаш ҳуқуқи сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкцияларга ҳам татбиқ этилади.
2025 йил 1 август ҳолатига Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” тизими орқали солиқ текширувларига номзод сифатида шаклланган ва солиқ хавфи 16 триллион сўм бўлган 20 мингдан ортиқ субъектга солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аломатларини ихтиёрий бартараф этиш имкони берилган ҳолда, ушбу рўйхат 1 ноябрь ҳолатига қайтадан шакллантирилади.
Шавкат Мирзиёев 20 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказганида бугунги кунда солиқ текширувлари бўйича 20 мингдан зиёд тадбиркорларда 16 триллион сўмлик хато ва камчиликлар аниқланганини, бу минглаб бизнес вакилларининг тадбиркорлик рейтингидаги ўрнига салбий таъсир қилишини айтганди.
Шу боис бугун ўзига хос “амнистия” эълон қиламиз, ушбу текширишлар бўйича жазо қўлланмайди. Бунинг ўрнига 1 ноябргача тадбиркорларимизга барча хато ва камчиликларни ихтиёрий тўғрилаш имкони берилади. Бир сўз билан айтганда, 1 ноябрдан бошлаб бизнес вакиллари тадбиркорлик рейтингини “тоза саҳифадан” бошлайди, деган эди президент.
Солиқ қўмитаси 2 ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазиралар Маҳкамасига киритиши лозим:
- солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун маъмурий жарима миқдорини кичик тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахсларига нисбатан БҲМнинг 10 бараваридан 3 бараварига тушириш, фуқаролар учун БҲМнинг 3 бараваридан 1 бараварига тушириш;
- ҳисобот даврида бир неча солиқ турлари бўйича солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаган бўлса, барча тақдим этилмаган ҳисоботлар бўйича умумий битта жарима қўллаш;
- охирги 3 ойда солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этиб келган тадбиркорлик субъектларига солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун маъмурий жаримани 5 кунгача қўлламаслик.
Солиқ қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 июлдан бошлаб солиқлар бўйича тўловларни амалга ошириш, ортиқча тўлов ва қарздорлик суммаларини ягона ғазначилик ҳисобварағи орқали ўзаро ҳисобга олиш тизимини жорий қилади.
Изоҳ (0)