Непал ғарбидаги Аргхакханчи туманида жип автомобилининг жарликка қулаши оқибатида 10 киши ҳалок бўлди, олти киши оғир жароҳат олди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, ҳалокатга Постапата қишлоғи яқинида тоққа кўтарилаётган жипнинг орқа ғилдираги ёрилиши ва шундан сўнг тормознинг панд бериши сабаб бўлди. Бошқарув йўқотилиши туфайли машина 210 метр чуқурликдаги жарликка қулади.
Маҳаллий аҳоли ва етиб келган қутқарувчилар қурбонлар ҳамда жабрланганларни олиб чиқиш бўйича биргаликдаги операцияни амалга оширди. Операция давомида жипда жами 16 киши бўлгани аниқланди. Улардан 10 нафари ҳодиса жойида ҳалок бўлди, олти киши оғир жароҳатлар билан касалхонага етказилди, шифокорлар уларнинг ҳаёти учун курашмоқда.
Изоҳ (0)