Украинанинг «Ворскла» клуби Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Санжар Турсуновни ўз сафига қайта қўшиб олганди. Бунга қадар Қатарнинг «Умм Салал» клубида тўп сурган Санжар 27 август куни «Ворскла»га қайтганидан кейинги илк учрашувида майдонга тушди.
Унгача Украина чемпионатида ўтказилган 5 та ўйинда 1 та ғалаба, 1 та мағлубият ва 3 та дуранг қайд этган «Ворскла», Турсуновнинг ташрифидан кейин Киевда «Динамо»ни мағлуб этди — 2:0.
Европа Чемпионлар Лигасининг «B» гуруҳида «Бенфика» (Португалия), «Наполи» (Италия), «Бешиктош» (Туркия) клублари билан кураш олиб борадиган «Динамо» Украинанинг амалдаги чемпиони ҳисобланади. Янги мавсумда Киев клуби кетма-кет беш турни ўз фойдасига ҳал қилганди.
«Динамо»га қарши сафар учрашувида Санжар Турсунов 72-дақиқага келиб майдонга тушди. Бунга қадар «Ворскла» 2 та гол уришга муваффақ бўлганди.
Бу ғалаба «Ворскла»ни 9 очко билан турнир жадвалида 4-ўринга олиб чиқди.
Изоҳ (0)