Россия ташқи ишлар вазирлиги россиялик паралимпиячиларни Рио-де-Жанейродаги Ўйинлардан четлаштириш ҳақидаги қарорни «шармандали тарих ва жиноят» деб ҳисоблайди, деб ёзади «РБК» ТИВ расмий вакили Мария Захаровага таяниб.
«Ушбу исм-шарифлар шубҳасиз тарихга, шармандали тарихга битилади. Чунки бугун жиноят содир бўлди», — деди Захарова. Унинг фикрича, бундай қарорни қабул қилганларга «фарқи йўқ». Захарова улар паралимпиячиларнинг допингга алоқаси йўқлигини билатуриб ушбу қарорни қабул қилгани учун, «ҳеч нарсадан тап тортмайдиган» одамлар эканлигини айтди. «Улар юраксиз одамлар», — дея таъкидлади у.
Аввалроқ россиялик спортчи Елена Исинбаева россиялик спортчиларнинг Рио-де-Жанейродаги Паралимпия ўйинларидан четлаштирилишини шафқатсизлик деб атаганди.
Эслатиб ўтамиз, Спорт арбитраж суди (CAS) Халқаро паралимпия қўмитасининг россияликларга нисбатан қўллаган қарорига апелляциясини қониқтирмади ҳамда Россия термасига 7–18 сентябрь кунлари Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларида иштирок этишга рухсат бермади.
Изоҳ (0)