Жорий йилнинг 14–20 август кунлари Таиланд Қироллигининг Чианг Маи шаҳрида бўлиб ўтган математика бўйича халқаро мусобақада ўзбекистонлик ўқувчилар иштирок этиб, икки нафари яккалик баҳсларида бронза медалига сазовор бўлди. Жамоавий баҳсларда эса иккинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу нуфузли мусобақа Халқаро олимпиадалар реестридан ўрин эгаллаган бўлиб, унда ҳар йили 30 дан ортиқ давлатдан иқтидорли ўқувчилар қатнашиб келмоқда. Жорий йилда ташкил этилган олимпиадада 31 та давлатдан 600 нафардан зиёд иқтидорли ўқувчилар иштирок этди.
Халқаро математика мусобақаси икки босқичда: шахсий ва жамоалар ўртасидаги беллашувда ўтказилди. Шахсий беллашувда ўқувчиларга 15 та масала тақдим этилди ва беллашув натижаларига кўра Нейматов Элдор ва Ҳасанов Шахбоз бронза медали, Норбоев Жаҳонгир ва Махмудов Шохбек фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Шунингдек, жамоалар беллашувида биргаликда ечиш учун 10 та масала тақдим этилди, шундан Ўзбекистон жамоаси аъзолари 8 та масалани тўлиқ ечиб иккинчи ўринни эгаллади ва мусобақа кубоги билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари 13—14 август кунлари Сингапурда ўтказилган математика бўйича халқаро олимпиадада бешта олтин медални қўлга киритганди.
Изоҳ (0)