БМТ котибияти Суриядаги ИШИД гуруҳи жойлашган нуқталарга зарба беришда Эрондаги аэродромлардан фойдаланаётган россиялик ҳарбийларнинг хатти-ҳаракатларини баҳолашдан ўзини тийди, деб ёзади «ТАСС».
БМТ бош котибининг расмий вакили ўринбосати Фархан Хак журналистларга маълум қилишича, бу Эрон бўйича резолюцияни бузиш-бузмаслиги ҳақидаги хулосаларни жаҳон ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши чиқариши керак.
Аввалроқ АҚШ давлат департаментидагилар Россиянинг хатти-ҳаракатлари БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2015 йил июлда Эрон билан ядро битими бўйича қабул қилинган резолюциясига зидлиги юзасидан текширув олиб борилаётганини маълум қилган эди. Бунда гап Эронга БМТ Хавфсизлик Кенгаши рухсатисиз жанговар учар қурилмаларни сотиш, етказиб бериш ёки топшириш ҳақида гап бормоқда.
16 август, сешанба куни Россия авиацияси Суриядаги жангариларга зарба беришда биринчи марта Эроннинг Ҳамадон аэродромидан фойдаланди: Ту-22МЗ бомбардимончилари ва Су-34 қирувчи бомбардимончилари ИШИД ва «Жибҳат ан-Нусра»нинг Алеппо, Дейр-аз-Зор ва Идлиб провинцияларидаги объектларига ҳужум қилди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)