Буюк Британияда ҳайдовчилик қонунларига катта ўзгаришлар киритилиши режалаштирилмоқда. Янги тартибга кўра, 70 ёшдан ошган автомобиль эгалари ҳайдовчилик гувоҳномасини янгилашда ҳар 3 йилда бир марта мажбурий кўз нури текширувидан ўтиши шарт бўлади. Агар тестда қониқарсиз натижа қайд этилса, ҳайдовчиларнинг рулга ўтиришига рухсат этилмайди. Бу ҳақда Telegraph хабар берди.

Маълум қилинишича, йўл ҳаракати хавфсизлигининг ушбу янги стратегияси доирасида маст ҳолда автомобиль бошқариш лимитини камайтириш ва хавфсизлик камарини тақмаган йўловчилари бўлган ҳайдовчиларга жарима балларини бериш масаласи кўриб чиқилмоқда. Янги чора-тадбирлар кузда амалиётга татбиқ этилиши режалаштирилган.
Таъкидланишича, бу чоралар кўриш қобилияти ёмонлашган ҳайдовчилар сабаб юз бераётган ўлим ҳолатлари туфайли жорий этилмоқда. Кутилаётган ўзгартиришларга қуйидагилар киради:
- спиртли ичимлик ичган ҳолда рулга ўтиш меъёрини Шотландия даражасигача — 35 микрограммдан 22 микрограммгача қисқартириш;
- йўловчилар хавфсизлик камарини тақмаса, жарима баллари бериш;
- деменция каби касалликларни аниқлаш бўйича қўшимча текширувлар жорий этиш.
Шунингдек, суғуртасиз машина ҳайдаганларга кўпроқ жазо бериш ва камера таний олмайдиган автомобиль рақамлари муаммосини ҳал қилиш чоралари ҳам кўриб чиқилмоқда. Режалар Британияда йўлларда ўлимлар кўпайгани фонида ишлаб чиқилмоқда. Транспорт вазирлиги бу ўзгаришлар орқали йўл хавфсизлигини ошириш, қонунбузарликларга қатъий чора кўриш ва йўлларда тартибни тиклашни мақсад қилган.
Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда 2010 йилдан бери оғир йўл-транспорт ҳодисалари сони қарийб 20 фоизга ошган. Жумладан, 2024 йилда ЙТҲ оқибатида 1 633 киши ҳалок бўлган, қарийб 28 минг киши жиддий жароҳат олган. Бундан ташқари, 2010 йилдан бери 60 ёшдан ошган ҳайдовчилар иштирокидаги ўлим ёки оғир жароҳат билан тугаган авариялар сони 47 фоизга ошган.
Изоҳ (0)