Рио—2016 Олимпиадасининг эркаклар футболи мусобақасида чорак финал жуфтликлари маълум бўлди
Рио—2016 Олимпиадасининг футбол турнирида чорак финалга йўлланма олган терма жамоалар номи аниқ бўлди. Осиё қитъаси шарафини ҳимоя қилган термалардан фақатгина Жанубий Корея ярим финал остонасида тўп суриш имкониятини қўлга киритди.
Турнир мезбони сифатида иштирок этаётган Бразилия кетма-кет икки учрашувда 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, 3-турга келиб гуруҳ етакчиси Данияни 4:0 ҳисоби билан мағлуб этди ва 5 очко билан гуруҳни 1-ўринда якунлади.
Ўзбекистон олимпия терма жамоасини Рио чиптасидан мосуво қилган Ироқ Олимпиадани мағлубиятсиз якунлаб, 3-турда ҳам дуранг ўйнади — Ироқ — ЖАР 1:1. Бу эса Данияни 4 очко билан гуруҳдан чиқиб олишига ёрдам берди.
«B» гуруҳини Нигерия терма жамоаси муддатидан аввал 6 очко билан пешқадам сифатида якунлаганди. 3-турда африкаликлар Колумбиядан 0:2 ҳисобида енгилди. Япония терма жамоаси Швеция устидан 1:0 ҳисобида зафар қучган бўлсада, гуруҳда 4 очко билан қолиб кетди. 2-ўрин 5 очко тўплаган Колумбияга насиб қилди.
Мусобақанинг «C» гуруҳида Жанубий Корея термаси 7 очко билан пешқадам бўлди. «Осиё йўлбарслари» сўнгги турда Мексикани 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Фижи даврозасига жавобсиз 10 та гол урган Германия 5 очко билан гуруҳни 2-ўрин билан якунлади.
Ва ниҳоят «D» гуруҳида Португалия терма жамоаси 7 очко билан етакчи бўлди. Аргентина терма жамоаси сўнгги турда Гондурас билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, Рио—2016 даги иштирокига якун ясади. Гондураснинг ўзи ярим финал йўлида курашни давом эттиради.
Рио—2016. Футбол Чорак финал жуфтликлари
13 август, шанбаПортугалия — ГерманияНигерия — Дания
14 август, якшанбаЖанубий Корея — ГондурасБразилия — Колумбия