Туркия Россия термасига қарши 31 август куни Анталияда бўлиб ўтадиган ўртоқлик ўйинида россиялик футболчилар ва мухлисларнинг хавфсизлигини кафолатлайди. Бу ҳақда Туркия футбол федерацияси «ТАСС»га маълум қилди.
«Албатта, Россия терма жамоаси ва мухлисларига хавфсизлик тўлиқ даражада таъминланишига ишончимиз комил. Туркияда ЕЧЛ ва Европа Лигаси мусобақалари ҳеч қандай муаммоларсиз ўтказилади. Сўнгги 10 йил ичида бизга келадиган терма жамоалар ва клубларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида муаммоларни бартараф қилишга эришдик», – деб маълум қилди Туркия футбол федерацияси матбуот хизмати.
«Полиция ходимлари ва хусусий қўриқчилик хизмати вакиллари бўлажак ўйиндаги хавфсизликни таъминлайди. Анталиядаги ўйин муаммоларсиз ўтишига ишонамиз. Туркия терма жамоаси иштирокидаги ўйинларда одатда 700–800 нафар полиция ва қўриқчилик тизими ходими ишлайди. Ўртоқлик ўйинларида эса одатда 400–500 нафар ходим жалб этилади. Россияга қарши ўйинда эса жами 1 000 нафарга яқин полиция ва қўриқчилик хизмати ходими ишлайди», – дейилади матбуот хизмати хабарида.
Изоҳ (0)