Америка хедж-фондлари АҚШдаги жорий сайловолди кампаниясини анча фаолроқ тарзда молиялаштирмоқда, деб ёзади «ТАСС».
Демократик партиядан АҚШ президентлигига номзод Ҳиллари Клинтонни қўллаб-қувватловчи ташкилотларга улар кўнгилли равишда 48,5 миллион доллар хайрия қилди. Давлат раҳбари лавозимига Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп тарафдорлари ҳиссасига бор-йўғи 19 минг доллар тўғри келди.
«Масъулиятли сиёсат маркази» ноҳукумат ташкилоти маълумотларига кўра, хедж-фондлар бу йил республикачиларга 65,8 миллион доллар хайрия қилган. Унинг катта қисми республикачилар ўртасидаги пойганинг саралаш босқичида Трампнинг рақобатчиларига тегди.
Умуман, хедж-фондлар бу йил сайлов мақсадлари учун иккала партияга 122,7 миллион доллар маблағни беминнат кўчириб берди. Бу 2012 йилги сайловолди кампанияси пайтидагидан икки баробар кўп демакдир. Хайрия маблағлари, асосан, президент лавозимига муайян даъвогарларга эмас, уларни қўллаб-қувватлаётган ташкилотларга йўналтирилади. Бу борада кўрсаткич тўрт йил аввалги 33,5 миллион доллардан ҳозирги 103,1 миллион долларгача ўсди.
Изоҳ (0)