Бразилиялик оғир атлетикачи Сарайва Рейс вазн йиғиш учун ҳар куни тунги соат 03:00 да катта порцияда макарон еганини айтди. Бу ҳақда спортчи Рио–2016 Олимпиадаси расмий сайтига маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Овқат мен учун лаззат ҳисобланмайди. Мен овқатдан умуман ҳузур олмайман, чунки овқатни вазн йиғиш ва уни сақлаш учун ейишим керак. Егулик мен учун бензинга ўхшайди – менинг ‘двигателим’ доим овқат талаб қилади», – деди оғир атлетикачи.
Вазни 146 килограмм бўлган Сарайва Рейс эрталаб соат 8:00 дан бошлаб кунига етти маҳал овқатланишини айтди. Нонуштага у 10 та тухум ейди. Кун давомида эса у сэндвич, мева, картошка, макарон ва оқсиллар истеъмол қилади. «Уйимда оқсил учун ҳар кунга мўлжалланган катта миқдорда қизил гўшт бор. Стейк – менинг севимли овқатим. Мен қанча ея олсам, шунча ейман», – деди Рейс.
«Вазн тўплаганимда ҳар куни кечаси соат 03:00 да уйғониб, катта порцияда макарон ейишим керак эди. Бу мен учун завқли машғулот эмасди, чунки овқат тановул қилгандан кейин ухлай олмасдим», – дея қўшимча қилди спортчи.
Эслатиб ўтамиз, Рио–2016 Олимпиада ўйинлари 5–21 август кунлари бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)