Лондон–2012 Олимпиада ўйинлари давомида олинган допинг-пробаларнинг қайта текширувидан сўнг тўрт нафар россиялик оғир атлетикачининг намунасида тақиқланган препаратлар борлиги аниқланди. Бу ҳақда Халқаро оғир атлетика федерацияси матбуот хизмати маълум қилди, деб хабар бермоқда «Интерфакс».
Қайта текширувдан сўнг допинг намунаси ижобий чиққан спортчилар рўйхатига Александр Иванов, Андрей Деманов, Наталья Заболотная ва Светлана Царукаева киритилди. Қайд этиш керакки, Иванов, Заболотная ва Царукаева Лондон–2012 Олимпиадасининг кумуш медалларини қўлга киритган. Юқорида номи келтирилган спортчиларнинг ҳеч қайси бири Россия олимпия термасининг Рио–2016 ўйинлари учун таркибига кирмаган.
Аввалроқ Халқаро олимпия қўмитаси қайта текширувларнинг иккинчи босқичида Пекин–2008 Олимпиадасида спортчилардан олинган допинг намуналарининг 30 таси, Лондон–2012 Олимпиадасида спортчилардан олинган допинг намуналарининг 15 таси ижобий чиққани ҳақида эълон қилганди.
Изоҳ (0)