Франциянинг Ницца шаҳрида бўлиб ўтган терактдан сўнг Италияда қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилмоқда. Мамлакат полиция хизмати ходимларига иш вақтидан ташқари қурол олиб юриш тавсия этилди. Бу ҳақда Италия Ички ишлар вазири Анжелино Альфано Libero газетасига берган интервьюсида маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Теракт хавфи барча ерда, шу жумладан, Италияда ҳам юқори. Ниццадаги ҳодисалардан сўнг назоратни янада кучайтирдик. Сўнгги фармойишда эса янгилик киритдик – барча ҳуқуқ-тартибот ходимлари иш вақтидан ташқари қурол олиб юради. Бу огоҳлик даражасини ошириш мақсадида қилинди», – дея тушунтирди Альфано.
Эслатиб ўтамиз, 14 июль куни кечаси Ницца шаҳрида юк машинасини бошқарган террорчи оломон устига ҳайдаши оқибатида 84 киши ҳалок бўлди, 200 нафардан ортиқ одам турли тан жароҳатларини олди.
Изоҳ (0)