Венесуэланинг 120 мингдан ортиқ фуқароси озиқ-овқат ва дори-дармон харид қилиш учун дам олиш кунлари қўшни Колумбия мамлакатига бориб келди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда. Колумбия ТИВ ҳеч қандай кўнгилсизликлар рўй бермаганини маълум қилди.
Венесуэла ҳукумати шу йилнинг 10 июлида 2015 йилинг 19 август кунидан буён биринчи марта Тачира штати ва Колумбиянинг Норте-де-Сантандер департаменти чегарасидан ўтишга рухсат берди.
Сўнгги йиллар давомида Венесуэла оғир иқтисодий ва молиявий инқирозни бошдан ўтказмоқда. Охирги икки йилда мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулоти – нефть нархининг пасайиши Венесуэладаги инқирознинг кучайишига олиб келди.
Шу йилнинг май ва июнь ойларида озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларининг кескин равишда камайиб кетиши мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида норози аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўртасидаги тўқнашувлар авж олишига олиб келди.
Венесуэла президенти Николас Мадурога қарши сиёсатчиларнинг назорати остидаги мамлакат Миллий ассамблеяси (парламенти) шу йилнинг февраль ойида озиқ-овқат соҳаси фавқулодда ҳолатга тушиб қолганини маълум қилганди. Депутатларнинг фикрига кўра, ҳукуматнинг нотўғри хатти-ҳаракати туфайли мамлакат «гуманитар инқирозга» учраган.
Аввалроқ Венесуэлада фавқулодда иқтисодий вазият ҳақидаги қарор яна 60 кунга узайтирилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)