Дори-дармон воситаларининг олиб кирилишида таркибида психотроп моддалар бўлган дори воситаларига алоҳида ёндашилади. Жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиши учун психотроп моддаларни даволаш курси доирасида олиб кириш ва олиб чиқилишига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рухсат берилади. Айрим фуқаролар меъёрий ҳужжатларда белгиланган талабларга риоя қилмасдан, божхона назоратидан яширинча психотроп моддаларни республика ҳудудига олиб келишга уринмоқда, дея хабар берди Хоразм вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати «Дарё»га.
Жумладан, Хоразм вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан «Урганч аэропорт» чегара божхона пости орқали Москва—Урганч йўналишидаги авиарейс билан Россия Федерациясидан кириб келаётган фуқаро Н. И. нинг қўл юклари сканер аппарати ёрдамида божхона назоратидан ўтказилганда, йўловчи божхона декларациясида қайд қилинмаган, божхона назоратидан яширилган жами 1203 дона «Феназепам таблетки» ёзувли дори воситасини ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб киришга уриниш ҳолати аниқланди.
Шунингдек, мазкур божхона пости орқали Москва—Урганч рейси билан учиб келган А. Г. га тегишли қўл сумкалари божхона назоратидан ўтказилганида, божхона назоратидан яширинча 5 конвалютада жами 50 дона «Феназепам таблетки» ёзувли психотроп дори воситасини Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига олиб келаётганлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Хоразм вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ушбу соҳада 2016 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида 13 та божхона қоидабузарлиги аниқланиб, жами 1419 дона таблетка кўринишидаги турли психотроп дори воситасининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.
Изоҳ (0)