Тошкентдаги Бобур боғида 12 июль куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) билан ҳамкорликда ўсмир қизлар келажагига инвестиция киритиш бўйича глобал ва миллий саъй-ҳаракатлар шарафига Жаҳон аҳолишунослик кунини нишонлади. Бу ҳақда БМТнинг аҳолишунослик жамғармаси матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Жаҳон аҳолишунослик кунининг бу йилги мавзуси «Ўсмир қизлар учун инвестициялар» деб аталди. Унинг мақсади эса ёшлар, хусусан ўсмир қизлар саломатлигини асраш ва таълим олиши учун инвестиция киритиш, шунингдек, уларга ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун имкониятлар бериш зарурлигини таъкидлашдан иборат бўлди.
Ўзбекистонда ЮНФПА Хотин-қизлар қўмитаси ва Тошкент шаҳри ҳамда Яккасарой тумани ҳокимликлари билан ҳамкорликда пойтахтнинг Бобур номли боғида очиқ ҳавода Жаҳон аҳолишунослик куни муносабати билан байрамона тадбир уюштирилди. Хотин-қизлар ўртасида марафон, асфальтга бўр билан чизилган болалар расмлари танлови, шашка турнири ва ижодий ансамбллар чиқишлари тадбир дастуридан жой олди. Мусобақа ғолиблари ва иштирокчиларига ташкилотчиларнинг совғалари тақдим этилди.
Жаҳон аҳолишунослик куни 11 июлда нишонланади. Бу кунни нишонлаш 1987 йил 11 июлдан бошлаб анъанага айланган.
Изоҳ (0)