Google компанияси Google Play онлайн дўконида янги функция пайдо бўлишини эълон қилди. Google Play Family Library ёрдамида фойдаланувчилар контент ва дастурларни оила аъзоларига бепул улашиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда, компания баёнотига асосланиб, «Hi-Tech.Mail.ru» хабар бермоқда.
Мобил дастур, мусиқа, китоб ёки фильмни бошқа фойдаланувчига етказиш учун икки аккаунт ҳам битта банк картасига боғланган бўлиши лозим. Хизмат учун қўшимча ҳақ олинмайди.
Google Play’даги «оила» таркибига еттитагача фойдаланувчи кириши мумкин. Мобил дастурларни нафақат Android’даги гаджетлар, балки Google сайтлари, шунингдек, Google Play’нинг iOS’даги дастурлари орқали ҳам тарқатиш мумкин.
Шунга ўхшаш «оилавий» дастур Apple томонидан iCloud’да мавжуд.
Google Play Family Library АҚШ, Канада, Буюк Британия, Франция, Германия, Бразилия ва Япония учун ишга тушириб бўлинди. Бир ой ичида бошқа давлатлардаги фойдаланувчилар ҳам ундан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Изоҳ (0)