NASA мутахассислари Марсда юқоридан қараганда Морзе алифбоси белгиларини эслатувчи қора қумтепалари мавжудлигини аниқлади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар беради.
Қумтепаларнинг суратлари Mars Reconnaissance Orbiter космик қурилмаси бортига камералари ўрнатилган HiRISE сайтига жойлаштирилган.
Одатда қумтепаларнинг шаклига қараб шамоллар йўналишини аниқлаш мумкинлиги таъкидланмоқда. Бироқ мазкур ҳолатда ҳосил бўлган қумтепаларнинг шакли жуда мураккаб. Қумтепалар айлана шакл атрофида жойлашган. Бу метеорит зарби натижасида юзага келган кратер бўлиши мумкин. Кратер қияликларининг шамол йўналишига таъсир қилиши вақт ўтиши билан нуқта ва тире шаклидаги қумтепаларнинг юзага келишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Мутахассислар бу каби шаклларнинг юзага келиш механизмини ҳозирча тушунтириб бера олмайди. «Тире» шаклидаги қумтепалар турли йўналишдаги шамоллар, «нуқта» шаклидаги қумтепалар эса бу жараён турли сабабларга кўра тўхтаб қолганда юзага келади деб ҳисобланади.
Изоҳ (0)