Японияда охирги икки ҳафта мобайнида жазирама туфайли камида 7,5 минг киши касалхоналарга ётқизилди. Улардан 14 нафарини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Бу ҳақда мамлакат ёнғинга қарши кураш бош бошқармаси маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
Олдинроқ иссиқ уриши оқибатида 6 киши ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинганди.
Бошқармага кўра, Японияда юқори ҳарорат сабабли апрель охиридан бери 15 минг киши касалхоналарга жойлаштирилди. Мамлакатда июнь ойи охиридан бери иссиқ ҳаво ҳукм сурмоқда. Айрим кунларда марказий ҳудудларда ҳарорат 37 даражадан ошмоқда. Япония метеорология бошқармаси бу йил ёз Тинч океанидаги Эл-Ниньо ва Ла-Нинья иқлим феноменлари таъсирида ўта ҳароратли кечиши, июль охири ва август бошларида жазирама авжига чиқишини тахмин қилинмоқда.
Маълумот учун, ўтган йили мамлакатда жазирама туфайли 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 53 минг киши касалхоналарга ётқизилганди.
Изоҳ (0)