Қозоғистон ҳукумати томонидан қатор жиноятлар, жумладан, давлатни тўнтаришга уринишда айбланаётган таниқли қозоқ бизнесмени Тўхтар Тулешов жиноий гуруҳни таъминлаш учун харажатлари ҳамда ҳашаматли ҳаётга мойиллиги туфайли юзага келган катта қарздорликлари сабабли жиноятга қўл урган. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси маълумотларига таяниб, KNews хабар берди.
Ҳукуматни эгаллагач, бизнесмен альтернатив ҳукуматни шакллантириб, охир-оқибат, мамлакатга раҳбарлик қилишни режалаштирган.
Ўзининг ҳукуматни эгаллаш бўйича режасини амалга ошириш учун Тулешов, дастлаб, мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга қарор қилган. Шу мақсадда у Қирғизистонда 2005 ва 2010 йилларда содир бўлган воқеаларни пухта ўрганиб чиққан.
Натижада бизнесмен ҳукумат тепасига келишининг энг осон йўли Қозоғистон ғарбида оммавий тартибсизликлар ва аҳоли норозилигини келтириб чиқариш эканлигини тушунди. Бизнесмен фикрича, ушбу ҳудуддаги норози гуруҳлардан у ўз мақсадлари йўлида фойдалана оларди.
Норозилик акциялари ва оммавий тартибсизликлар авж олган бир пайтда у амалдаги ҳукуматга ультиматум эълон қилишни ва ўзига вице-президент лавозимини талаб қилиб олишни, кейинчалик эса мамлакатга раҳбарлик қилишни кўзлаган.
Изоҳ (0)