АҚШ Адлия вазирлиги Facebook’дан мазкур компаниянинг мамлакатда солиқ тўлашдан бўйин товлаши юзасидан олиб борилаётган текширув ўтказаётган Ички даромадлар хизмати билан ҳамкорлик қилишини талаб этди. Бу ҳақда CNN телекомпаниясига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Телекомпания ихтиёрига келиб тушган, вазирлик судга юборган даъво аризасига таянмоқда. Ҳужжат 2010 йилги воқеаларга тааллуқли бўлиб, ўшанда Facebook Ирландиядаги филиалига активларининг бир қисмига эгалик ҳуқуқини берганди.
АҚШ Ички даромадлар хизмати (ИДХ) Ernst & Young аудиторлик компаниясини солиқ тўлашдан қочиш ишида шерикликда айблади. Компания Facebook активларини баҳолаш учун ваколатли бўлган ва уларнинг қийматини «миллиардлаб доллар»га пасайтирган. ИДХ ўзининг гумонларини тасдиқлаш ёки рад этиш учун Facebook’дан молиявий ҳужжатларни олишга бир неча бор уринди.
Хизмат вакили Нина Ву Стоуннинг билдиришича, июнь ойининг ўзида олтита шундай сўров жўнатилган, бироқ Марк Цукерберг етакчилигидаги компания уларга бўйсунмаган. Энди мазкур ишга АҚШ Адлия вазирлиги аралашди.
Изоҳ (0)