Дунёда уйсизлар, камбағаллар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга турфа ёрдам кўрсатувчи кўплаб ташкилотлар ишлайди. Бундай ишларга баъзан ҳеч қандай ташкилотга боғлиқ бўлмаган алоҳида шахслар ҳам қўл уради ва ўз ўрнаги билан мурувват ташаббусларига минглаб бошқа инсонларни чорлайди. AdMe ана шундай инсонлардан бири ҳақида ҳикоя қилиб берди.
Жейк Остин кўп йиллардан бери Сент-Луисда (Миссури штати, АҚШ) уйсизларга ёрдам бериб келади. У фаолиятини махсус ташкилотларга муҳтожларга етказилиши учун шампунь, совун ва бошқа биринчи эҳтиёж молларини олиб келишдан бошлаган эди. Кейинчалик у гигиена муаммоси ҳал қилинмаганини тушунди, ахир уйсизларда совун ва шампунь қўллайдиган уйнинг ўзи йўқ.
Шунда Остин 5 минг долларга эскироқ юк машинасини харид қилди, шунингдек, GoFundMe компанияси орқали қўшимча ёрдам олди. У машина интерьерини янгилаб, мобил душ яратди; бу душ икки алоҳида кабина, ювиниш чаноғи ва ойналарга эга. Сув олиш учун юк машинаси ўт ўчириш гидрантларига уланади, иситиш учун ташқи генератор ишлатилади. Шу тариқа, у шаҳар бўйлаб сайр қилиб, муҳтожларга илиқ душ ва тегишли шароитларни тақдим эта олади.
Бу каби бирламчи қулайликларга эга бугуннинг одамлари айрим замондошлари ҳатто шундан ҳам мосуво эканлигини тасаввур қилиши қийин. Лекин шу кичик қулайликлар ҳам баъзилар учун улкан ёрдам, эстетик завқ ва таҳликали ўйлардан қутулиш воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ниҳоят, уйсиз инсон тоза-озода юрса, унинг ишга жойлашиши осон кечади.
Остин бир гигиена лойиҳасидан илҳом олганини тан олади. У лойиҳада гигиена қоидаларига риоя этилиши соғлиқни мустаҳкамлаши, инсонга умид бағишлаши ва қадр-қиммат туйғусини қайтариши айтилган эди.
Изоҳ (0)